Сергей Наумов шарҳи: “яшиллар” фаолиятида баланс етишмаяпти

Сергей Наумов шарҳи: “яшиллар” фаолиятида баланс етишмаяпти

Ўзбекистон Экология ҳаракати функционерларининг сўнгги ойлардаги фаолияти қўшни Тожикистон республикаси Турсунзода шаҳрида, Ўзбекистоннинг жанубий Сурхондарё вилояти билан чегарадош ҳудудга бевосита яқин жойда жойлашган Тожик алюминий заводига (TALCO) қарши қаратилган акциялардан иборат бўлиб қолмоқда.

Ушбу корхонадан чиқаётган саноат чиқиндилари атроф муҳитни булғашни давом этаётгани экологларни ташвишга солмоқда. TALCO алюминий ишлаб чиқариш бўйича ўзининг қувватларини янада кучайтириш нияти экологларни айниқса хавотирга солмоқда, бу ҳолат Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари табиатига, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши муқаррар бўлиб қолади.

Атроф муҳит тозалиги учун курашчиларнинг айтишича, 580 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда касалга чалинишнинг ўсиши қайд этилган, наботот ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилмоқда. Ҳаракат фаоллари март ойи охиридан бошлаб талабалар ва жамоатчилик билан биргаликда бир қатор норозилик акцияларини ўтказдилар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясига ва халқаро ташкилотларга уларнинг овозини эшитишларини талаб қилиб мурожаатнома қабул қилдилар.

12 май куни Ўзбекистон Экология ҳаракати иложи борича кўпроқ одамларнинг эътиборини муаммога қаратишни мақсад қилиб олган ахборот кампаниясига якун ясади.

“Телевидениеда бир юз қирқдан зиёд телекўрсатувлар ва сюжетлар намойиш этилди. Марказий ва маҳаллий газеталарда ўнлаб матбуот материаллари чоп этилди”, - деб ёзадилар ҳаракат фаоллари ўзларининг www.eco.uz интернет-порталида.

Табиийки, “экологик ватанпарварларнинг” бу каби самарали ҳаракати мақтовга арзийди, бироқ атроф-муҳитни ҳимоя қилишга қаратилган акцияларнинг танлаб-танлаб ўтказиб келингани кишини таажублантирмай қолмайди: нега экологлар долзарблиги бундан кам бўлмаган бошқа муаммоларни ўз эътиборларидан ташқарида қолдирадилар?

Оммавий ахборот воситалари сўнги уч ой давомида Тошкент марказида юз йиллик чинорларнинг кесилиши ҳақида хабар бериб келган эдилар. Мисол учун, фақат бир кун - 12 майнинг ўзида марказий Сайилгоҳ кўчаси бир неча ўнлаб асрлик дарахтлардан мосуво бўлди. Уларнинг ўрни маъмурий бинолар қурилиши учун бўшатилди.

Тошкент аҳолиси ҳамда хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган Ўзбекистоннинг собиқ фуқаролари турли интернет-форумларида дарахтлари илдизи билан кесилган пойтахтдаги энг қўҳна истироҳат боғларидан бирига ҳам бу каби вахшиёна муносабат бўлаётгани ҳақида ёзаяптилар.

Интернет ҳар бир дарахти экосистемага далда бўлаётган жойларда Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган соғлом чинорлар кесиб йўқ қилинаётгани тўғрисидаги фоторепортажларга тўлиб-тошган.

Бироқ қизиғи шундаки, Олий Мажлис (мамлакат парламенти) Қонунчилик палатасида ўн бешта депутатлик ўринларига эга бўлган Экологик ҳаракат вакиллари томонидан бу борада бирорта ҳам баёнот берилгани йўқ. Ҳолбуки, мазкур ҳаракат ўтган йили бўлиб ўтган парламент сайловларидан бир оз олдинроқ, “биотурфаликнинг қисқариши” билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, жамоатчиликнинг табиий атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича ишида иштирок этиши фаоллигини кўтариш ва экологик вазиятни соғломлаштириш тўғрисидаги шиорлар остида тузилган эди.

Афтидан, Экологик ҳаракат депутатлик мандатларини қўлга киритиб олганидан сўнг танлаб ҳаракат қиладиган бўлганга ўхшаяпти. Ўйлашимча, расмийлар бу жамоатчилик тузилмасини минтақадаги қўшниларига ва айни шу ҳолатда Тожикистонга қарши сиёсий курашда қурол сифатида фойдаланаяпти. Кам сонли [нодавлат] экологик ташкилотлардани бирининг раҳбари бир куни Экологик ҳаракат “аҳолининг ўзини-ўзи уюштиришга йўл қўймаслик бўйича ҳукуматнинг пухталик билан амалга оширилган контрҳаракатлари маҳсулоти бўлиб қолди”, деган эди. Кўринишидан, у ҳақ бўлиб чиққанга ўхшаяпти. Бўлмаса расмийлар томонидан санкцияланган мисли кўрилмаган норозилик акцияларини, уларга кўплаб одамларни жалб этилишини бошқачасига қандай қилиб тушунтирса бўлади? Сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар бостирилаётган, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар таъқиб этилаётган мамлакатда бу каби кенг кўламли манифестацияларнинг ўтказилиши бунга истак-хоҳишларнинг катта бўлишига қарамай амалга оширилиши имкониятсиз ва улар жиддий оқибатларга олиб келиши муқаррар.

Бу каби ҳаракатнинг борлиги расмий Тошкентга Ғарб мамлакатлари билан муносабатларида сиёсий вазнга эга бўлишга имконият беради ҳамда Ўзбекистонда партиявий қурилиш жараёни жадал суратларда кетаётганини намойиш этади. Мамлакат сиёсий спектрига “яшиллар”нинг қўшилиши эса режимнинг обрўсини оширади. Расмийлар эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Экология ҳаракатининг фаолияти Ўзбекистон ҳукуматининг хулосаларига ишончсизлик билан қараётган халқаро ҳамжамият томонидан хуш қабул қилинишига умид қилмоқдалар.

Сергей Наумов, мустақил медиаэксперт, фуқаролик жамияти ривожланиши масалалари бўйича мутахассис, Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида яшайди ва ишлайди.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.
 

Uzbekistan
Environment
Frontline Updates
Support local journalists